Maxsus imkoniyatlar

Ekran o'lchami

50 %

Shrift o'lchami

50 %

Google tarjimon:

Saytni baholash
148
27
Sayt test rejimida ishlamoqda...

372025-12-17 18:49

Никоҳ шартномасининг аҳамияти


Бугунги кунда оилавий низоларнинг кўпайиб бориши жуда долзарб муаммо ҳисобланади. Бу ҳолат турли сабабларга боғлиқ бўлиши мумкин ва жамиятга салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 76-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.
Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Оилаларни мустаҳкамлаш, эр ва хотин ўртасида келгусида юзага келиши мумкин бўлган оилавий низоларнинг олдини олиш мақсадида никоҳ шартномасини тузиш жуда муҳим ҳисобланади.
Никоҳ шартномаси — бу эр ва хотин (ёки никоҳ қуриш арафасида турган шахслар) ўртасидаги, уларнинг никоҳ давридаги ҳамда никоҳ тугаганидан кейинги мулкий ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайдиган ёзма келишувдир. Никоҳ шартномаси эр-хотин ўртасида тузиладиган расмий ҳужжат бўлиб, у турмуш ўртоқларининг мулкий муносабатларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради. Бу шартнома турмушга чиқишдан олдин ёки никоҳ тугатилганидан сўнг юзага келиши мумкин. Никоҳ шартномаси оилавий муносабатларни тартибга солиш, эр-хотин ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилашга қаратилганлиги билан бошқа шартномалардан ажралиб туради. Никоҳ шартномаси эр-хотин ўртасидаги турмуш муносабатларини ва мол-мулк ҳуқуқларини тартибга солишга қаратилган. У оилавий ҳуқуқ ва муносабатларни белгилашга хизмат қилади. Никоҳ шартномаси оилавий муносабатларга хос бўлган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш учун махсус ишлаб чиқилган ва унинг ўзига хослиги шундаки, у шахсий, оилавий ва маданий қимматларга асосланган бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 30-моддасига кўра, никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин.
Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.
Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.
Никоҳ шартномасини тузиш орқали эр ва хотин ўртасидаги мулкий муносабатлар аниқ белгиланади, чунки уни тузиш орқали ҳар бир турмуш ўртоқ қандай мулкка эгалик қилиши, унинг қандай тарзда тақсимланиши аниқ кўрсатилади. Бу, айниқса, бизнес, қимматбаҳо мулк ва мерос билан боғлиқ ҳолатларда муҳимдир. Агар турмуш ўртоқлар ажрашаётган бўлса, шартномада кўрсатилган мулкий келишувлар асосида тинч ва адолатли тарзда бўлиниши мумкин. Бу суддаги тортишувлар ва ҳуқуқий муаммоларнинг олдини олади. Аёл ёки эркак ўзининг шахсий мулкини ёки меҳнати билан топилган бойлигини ҳимоя қилиш имконига эга бўлади. Айниқса, бир турмуш ўртоқнинг иқтисодий аҳволи заифроқ бўлса, шартнома орқали унга кафолатли моддий ёрдам белгиланиши мумкин. Турмуш ўртоқлар шартномада ўз мажбуриятлари ва ҳуқуқларини ёзма равишда аниқлаш орқали ўзаро ишонч ва ҳурматни сақлашлари мумкин. Масалан, болалар тарбияси, уй-жойда яшаш ҳуқуқи, алимент масалалари каби масалаларни ҳам шартномада кўрсатиш мумкин (қонун доирасида).
Никоҳ шартномасини тузиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги, жумладан, Оила кодекси ва Фуқаролик кодексида белгиланган тартиблар асосида амалга оширилади. Никоҳ шартномасини турмуш қуриш арафасида турган шахслар ва никоҳда бўлган эр ва хотин ўртасида тузилиши мумкин. Никоҳ шартномаси ҳар икки томоннинг ўзаро розилиги асосида тузилади. Никоҳ шартномаси фақат ёзма шаклда тузилади ҳамда нотариал тартибда тасдиқланиши шарт.
Никоҳ шартномасида мулкни тақсимлаш тартиби (нафақат мавжуд, балки келажакда орттириладиган мулк), қандай мулк умумий, қандай мулк шахсий ҳисобланиши, қарз ва мажбуриятлар кимга тегишли бўлиши, никоҳ бекор бўлганда мол-мулкни қандай бўлиниши каби ҳолатлар кўрсатиб ўтилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 32-моддасига мувофиқ, никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади.
Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган асослар ва тартибда суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Никоҳ тугатилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ тугатилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно.
Хулоса қилиб айтганда никоҳ шартномасини тузиш орқали, турли мол-мулк муносабатлари, масалан, кимга қандай мулк тегишли эканлиги, турмуш давомида яратилган мол-мулк қандай тақсимланиши кераклиги аниқ белгиланади. Бу, ажрашиш ёки баҳслар пайтида низоларни камайтиради. Тарафлар ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар шартнома орқали аниқ белгиланганида, ҳар бир шахс ўз позициясини тушуниб, қарама-қаршиликлар камаяди.
Мол-мулк, қарз, қарздорлик, ижтимоий мажбуриятлар каби мураккаб масалаларда келиша олмаслик бўлса, шартнома бу муаммоларни олдиндан ҳал қилишга ёрдам беради. Ҳар икки тараф шартномани келишиб тузганидан сўнг, ўзаро ишонч ва масъулият ҳисси кучаяди, бу ҳам оилавий муносабатларни яхшилайди. Никоҳ шартномаси оилавий низоларни олдини олиш, ҳуқуқий муаммоларни камайтириш ва барқарор оилавий муносабатларни таъминлашда муҳим восита ҳисобланади. Бу шартнома ҳар бир жуфтликка келажакдаги муаммолардан сақланишга ёрдам беради.
Бундан ташқари судга ортиқча вақт ва маблағ сарфланишининг олди олинади ҳамда судлар фаолиятида оилавий низоларнинг камайишига эришилади.

Ё.А.Тўйчиев,
Фуқаролик ишлари бўйича Риштон
туманлараро судининг судьяси

Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!

Tavsiya etamiz